Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайти ишга туширилди

Жорий йилнинг 25 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг йиғилишида Марказий сайлов комиссиясси аъзолари, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот васиталари иштирокида Марказий сайлов комиссиясининг янги талқиндаги elections.uz сайтининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур сайт “Ахборот технологияларини ривожлантириш маркази” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилди.

Сайт дизайни тўлиқ янгиланди. Фойдаланувчилар маълумотлар қидиришларида қийинчиликлар туғилмаслиги учун комиссия раҳбарияти ва аъзолари тўғрисида маълумотлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонун ҳужжатлари, МАК қарорлари, янгиликлар, ҳалқаро ҳамкорликлар, эслатмалар ва ОАВ вакилларини қизиқтириши мумкин бўлган маълумотларни ўзида жамлаган бўлимлар ташкил этилди. Сайтга маълумотлар ўзбек тилининг лотин ва кирилл алифбосида ҳамда рус ва инглиз тилларида жойлаштирилади.

Шу билан бир қаторда, барча сайлов комиссиялари тўғрисидаги маълумотларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида олиш имконияти яратилди. Мазкур имконият вазирлик ва идоралар, ОАВ ва фуқаролар учун барча сайлов комиссиялари билан алоқалар ўрнатишга ёрдам беради. Сайтда кўриш имконияти паст инсонлар учун махсус имконияти яратилган.

Бундан ташқари, фойдаланувчилар аввал ўтказилган сайловлар ва референдумлар натижалари билан ҳам танишишлари мумкиин.